Hazrati Хizr masjidi

Hazrati Хizr masjidi

Шаҳримизнинг энг муқаддас зиёратгоҳи ва меъморий обидаларидан бири, Самарқанднинг энг биринчи масжиди пайғамбар Ҳазрати Хизр масжидидир.


 Масжиднинг пешайвонидан теварак-атрофга разм солинса, уфқ билан қўшилиб кетган манзара кўринади. Улуғвор Амир Темур жомеъ масжиди ва Бибихоним мақбарасининг тўлалигича кўриш мумкин. Ундан сал узоқроқда машҳур Регистон мадрасалари минора ва гумбазлари савлат тўкиб туради. Пастроқда эса Шоҳи Зинда мақбара ва масжидлар туркумининг ложувард гумбазлари ажойиб манзара касб этади.

Мусулмон дунёсида Хизр алайҳиссаломнинг нуфузи ҳақида кўп гапириш мумкин. Бу пайғамбар Ҳақ таоло томонидан азиз тутилган зотлардан бири бўлиб ўтгандир.

Ҳазрати Хизр шажаралари эски манбааларда қуйидагича келтирилган:

1. Хизр алайҳиссалом.

2. Бинни Мулко.

3. Бинни Қолеъ.

4. Бинни Омир.

5. Бинни Мард.

6. Бинни Ҳуд.

7. Бинни Шойих.

8. Бинни Садад.

9. Бинни Арфахшод.

10. Бинни Сом.

11. Бинни Нуҳ

12. Бинни Ламак.

13. Бинни Матушалах.

14. Бинни Идрис.

15. Бинни Бард.

16. Бинни Маҳлойил.

17. Бинни Қайнон.

18. Бинни Ануш.

19. Бинни Шис.

20. Одам Сафиюллоҳ алайҳиссалом.

Тарихчи Абу Тоҳирхожанинг «Самария» асарида ушбу шаҳарнинг масжидлари ва мадрасаларининг хосият ва сифатлари тўғрисидаги бобида шундай фикрлар келтирилади:

«Ҳазрати Хизр алайҳиссалом масжиди. Шаҳар ташқарисида Афросиёб тепаси устида, Оҳанин, дарвозасининг қаршисидадир. Айтадиларким, Самарқандда энг аввал солинган масжид ушбудир. Имом Қутайба Ҳазрати Хизр ишорати билан иморат қилгандир. Бошқа бир ривоятга кўра, қибласини саҳобалар тиклаганлар. Баъзи кишиларнинг айтишларига қараганда, унинг меҳробини Ҳазрати Хизр тўғрилаган. Дерларким, бир кимса 40 душанба куни улаштириб бомдод намозини ўша масжидда ўтаса, Ҳазрати Хизрни кўрар эмиш. Ушбу масжид Амир Музаффархоннинг хонлиги чоғида қайта иморат қилинган».

Ўтмишда Самарқанд шаҳри кўплаб маротаба истилочилар томонидан забт қилинган. Ҳар бир тарихий вазиятда ушбу ёдгорликка алоҳида бир урғу берилиб келинган. Масжид ўзининг жуғрофик жойлашуви жиҳатдан шаҳарнинг энг баланд ва намоён нуқтасидан ўрин олган бўлиб, яна бир асосий томони унинг шаҳардан ташқари, Кеш дарвозаси йўли ёқасида жойлашишидир.

Ушбу дарвозадан Бақтрия, Ҳиндистон, Эрон ва бошқа давлатлардан савдо карвонлари кириб келишган ва масжиднинг ён бағрида бутун шаҳарни ичимлик суви билан таъминловчи Арзиз қудуғи ва ариғи жойлашганлиги масжиднинг мавқеини янада кўтарган. Афсуски, биз унинг ўтмишдаги суратини тиклай олмаймиз. Зеро, масжид тузилиши ҳақида ҳеч қандай ёзма ва ашёвий далил йўқ. Олимларнинг маълумотларига қараганда, бу жойда масжиддан олдин ибодатхона, оташпарастларнинг саждагоҳи мавжуд бўлган, деган тахминлар бор.

VII асрда араб халифалиги Самарқанд шаҳрини забт этиб, шаҳардаги барча оташпарастларнинг ибодатхоналарини бузиб ташлашади, лекин  Ҳазрати Хизр масжидини сақлаб қоладилар ва бу жойни ҳатто ободонлаштиради. Қадимдан Хизр пайғамбар «ўлмас шахс» ҳисобланиб, у ер остидаги конлар, бойликлар, сув пири барча инсонларнинг  ҳожатбарори ва сайёҳларнинг пири ҳисобланади.

Ривоятларга кўра ғайридинлар Шоҳи Зинда  (Қусам ибн Аббос) нинг бошини танасидан жудо қилганда  Ҳазрати Хизр ёрдамга келадилар ва Қусам ибн Аббосни йўл ости йўллари билан боғи беҳиштга олиб бориб, «оби ҳаёт» томизадилар. Қусам ибн Аббос шифо топиб, Хизр алайҳиссалом ва Дониёр пайғамбар билан биргаликда Самарқанд остидаги жаннат боғи тахтига ўтиришади.

Ҳазрати Хизр алайҳиссаломга эътиқоди ҳамиша юқори бўлган ва унинг масжиди доимо таъмирланиб турилган. Самарқандда ҳатто XVIII асрда қаҳатчилик ва қимматчиликка қарамасдан, самарқандликлар зиёратни Ҳазрати Хизр масжидидан бошлаган. Дониёр пайғамбар, Қусам ибн Аббос ва Ҳазрати Хизр масжиди биргаликда умумий мажмуани ҳосил қилган. Бу ҳақда Муҳаммад Али Парвоначи вақфномасида (ХIХ аср) айтиладики, Самарқандда қаттиқ қурғоқчилик вақтида ҳам Оллоҳга сиғиниш маъракалари Ҳазрати Хизр ва Шоҳи Зиндада бўлиб ўтганлиги қайд этилган. Вақф ҳужжатидаги муҳрда 1239 ҳижрий (1823-1824) сана битилганлиги ўша даврда масжид фаолият кўрсатиб турганлигини англатади. Масжидга кираверишдаги мармар тошда кўрсатилган 1854 йил санаси унинг фақатгина таъмирланиш санаси бўлганлигини тасдиқлайди.

Масжид супасимон табиий асосга қурилган. Анча тик зинадан кўтарилиб дарвозахонага, сўнг тўғрисидаги эшикдан кичкина хонага кирилади. Чап томондаги эшикдан пешайвонга ўтилади.

Пешайвондан масжид хоноқоҳига кирилади. Хонақоҳ тўртбурчак бўлиб, тўрдаги ғарбий деворда меҳроб, иккала томонида ҳужралар бор. Хонақоҳ изорасида тўғри бурчакли расмлар нусхаси солинган.

Масжиднинг пешайвони анча баланд асос-пойдевор устига тушган ва ғарб томонда гулдаста билан тугалланган. Пешайвоннинг юқори қисмига ғишт дандана қилиб терилган. Шарқ томондаги дарвозахона пештоқи масжиднинг таркибий қисмидир. Дарвозахонанинг иккала томонига гулдаста қилинган, пештоқ дарвозасига ўймакор нақш солинган. Бу қатор шарқ томонда қад кўтариб турган минора билан тугалланади.

1899 йилда пешайвон қайта қурилган. Шарқ томондан кириладиган дарвозахона ҳам ўша йили қурилган бўлса керак. Дарвоза юзасига ёзилган сана 1336 (1913) дарвозахонанинг қайта тикланган вақтини кўрсатади. Ўшанда жануби-шарқий пештоқ ва шарқ томондаги минора қурилган. Пештоққа раҳли гумбаз қилинган. Минора эшиги тепасида уста Абдуқодир ибн Боқи Самарқандий деган ёзув бор. Айвон билан дарвозахона ва миноранинг меъморий жиҳатдан ана шу тарзда жойланиши иморатнинг бош меъмори уста Абдуқодир Боқиев (1860-1933) режасидир.  Ҳазрат Хизр масжиди Х1Х аср охири ва ХХ аср бошларида уста Абдуқодир бошчилигида ишлаган самарқандлик усталар ижодининг ажоиб намунасидир.

Айниқса мустақиллик йилларида муҳтарам юртбошимиз раҳнамолигида масжидга кириш қисми лойиҳа асосида қурилди. Минора ва дарвозахонадаги қирмани таъмирланди. Ранг-баранг нақшин безакларни мустаҳкамлаш ва қайта тиклаш соҳасида ҳам жуда нозик ишлар  амалга оширилди. 

Масжиднинг ёнида энг қадимий ва муқаддас «Арзиз» қудуғи мавжуд бўлиб қудуқ 2002 йилгача кўмилиб кетган. 2002 йил сентябрь ойида ушбу чуқурлиги қирқ метрлик қудуқ бутунлай тозаланиб, асли ҳолатига келтирилган.

 

Hazrati Хizr masjidi

Powered by: KHM & Телерадиокомпания СТВ, STV, Самарканд, Самаркандское телевидение

Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallari ruxsatsiz foydalanish, ko'chirib olib foydalanish mumkin emas. Guvohnoma № 1131